Минерал ресурслар институти “Ўзбекистондаги конлар ва маъдан намоёнларида олтин таркибли маъданларни қайта ишлашнинг самарали технологик схемаларини ишлаб чиқиш” лойиҳаси доирасида Лолазор ва Байрам майдонларидан олинган технологик намуналарда лаборатория миқёсида технологик тадқиқотлари ўтказилмоқда.
Тадқиқотлар натижасига кўра Лолазор майдони маъданини концентрацион столда бойитилганда олтиннинг бойитмага ажралиши 37,92% ва кумушники 30,63% ни ташкил этди. Байрам майдони намунасини концентрацион столда бойитилганда олтиннинг бойитмага ажралиши 83,8% ва кумушники 53,52% ни ташкил этди. Флотацион усулда очиқ циклда бойитилганда олтин ва кумушнинг бойитмага ажралиши мос равишда 65,7% ва 22,5% ни ташкил этди.
Лолазор маъданини -0,074 ммгача янчиб сорбцион цианидланганда қатронга олтиннинг ажралиши 82,5% ни ва кумушники 79,23% ни ташкил этди. Байрам маъданини шу шартларда сорбцион цианидланганда эса қатронга олтиннинг ажралиши 93,03% ни ва кумушники 69,12% ни ташкил этди.
Тадқиқотлар технологик кўрсаткичларни ошириш, хусусан, бойитмаларнинг сифатини ва нодир металларнинг ажратиб олинишини ошириш йўналишида давом эттирилмоқда.